Сенаторлар Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш ...

  • Home
  • /
  • Page
  • /
  • Сенаторлар Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш ...
29 - May 2021

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Сенат Раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилиши Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига катта эътибор қаратилаётганини ифодалайди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.

Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди;

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, уларга Халқ банки бириктирилди, 14 та ҳудудда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда 139-ўрин) эгаллади.

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадлари ва устуворликларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.

Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Эътиборли жиҳатига шундан иборатки, мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.

Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгаяди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади. Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Гендер стратегияни амалга ошириш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги стратегик мақсадлар контекстида қабул қилинган миллий ва халқаро мажбуриятлар (Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқалар) ни бажаришга кўмаклашади.

Сенаторлар томонидан жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалалар биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмаслиги, бу борада барчанинг фаол иштирокини кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати