КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА КЎМАКЛАШГАН ШАХСЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ!

  • Home
  • /
  • Page
  • /
  • КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА КЎМАКЛАШГАН ШАХСЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ!
15 - January 2021

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сонли қарори билан “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом талаблари ушбу Низом билан тартибга солинадиган муносабатларга татбиқ этилмайди. Шунингдек ушбу Низом талаблари мансабдор шахслар, шу жумладан «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида белгиланади.

Хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • шахслар томонидан ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга (Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига) берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;
  • коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар 3 БҲМдан 25 БҲМгача (ҳозир 669 минг сўмдан 5 млн. 575 минг сўмгача, 01.02.2021 йилдан 735 минг сўмдан 6 млн. 125 минг сўмгача) миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида хабар бериш ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашган шахсларга ташаккурнома билан тақдирланади.

Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.

Шахсларни рағбатлантириш масалалари коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Махсус комиссия қарори асосида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор 1 иш кунида чиқарилади.

Пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 15 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади.