Ижарада яшовчи талабага ким масъул?

03 - Март 2021

ТДИУ Самарқанд филиали талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ҳамда бу борадаги ишларни такомиллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда “Иқтисодиёт” факультети декани Ҳ.Турдибеков ва гуруҳ мураббийлари иштирок этди.

Йиғилишда ижара хонадонда яшайдиган талабалар ва ижарага берувчи фуқаролар ўртасидаги муносабатни ўрганиш ҳамда тартибга солиш, ижара учун берилган уй-жойларнинг ҳолати тўғрисида маълумот йиғиш, талабаларнинг дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлиши, бўш вақтини қандай ўтказиши каби жиддий масалалар кўриб чиқилди, тегишлилиги бўйича масъулларга вазифалар юклатилди. Айниқса, талабаларнинг хусусий уй-жойларда яшаш шароитини бевосита ўрганишга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Талабалар истеъмол қиладиган озиқ-овқатларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва турли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунча берилди.

Бугунги кунда айрим олий таълим муассасалари талабалари томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бу бўйича билимларнинг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. Муҳокамада ижарада турадиган талабалар ва ижара берувчи фуқаролар ўртасида муносабатни шаффофлаштириш, ижара учун берилган уй-жойларнинг ҳолати, ота-оналар ва талабалар учун ижара учун бериладиган уй-жойлар тўғрисида ягона ахборот тизимини яратиш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Белгиланган вазифаларни самарали ташкил этиш ва ижарада яшовчи талабалар билан ишлаш бўйича тақдимотлар намойиш этилди. Зарур тавсиялар берилди. Жумладан, ижарада яшовчи талабалар билан ишлаш механизмини яратиш, унда ижарада яшашга эҳтиёжманд талабалар ва ижарага бериладиган хонадонларни аниқлаш, талабаларни ижара хонадонларга жойлаштириш орқали тизимли ишларни бажариш мақсадга мувофиқлигини таъкидланди. Ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари ҳамкорлигида олиб бориладиган профилактик тадбирлар қамрови ва сифатини ошириш зарурлиги уқтирилди.