To recover your password please fill in your email address
Please fill in below form to create an account with us
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ,
деган мисраларни битган Бобур умри давомида инсонларга яхшилик қилишга, ўзидан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилди. Шубҳасиз, ушбу эзгу мақсадига эришди. Гарчанд бир неча асрлар илгари яшаб ўтган бўлса-да, унинг номи ҳамон эҳтиром билан тилга олинмоқда. Шу кунларда юртимизда буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги кенг нишонланаётгани ана шу ҳурмат ва эъзознинг ёрқин намунасидир.
ТДИУ Самарқанд филиалида буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишлаб, маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирда, филиал профессор-ўқитучилари ҳамда талаба-ёшлари иштирок этишди.
XIV асрнинг иккинчи ярмидан XIX асрнинг ярмига қадар яшаб ўтган Темурийлар сулоласи вакиллари орасидан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган юзлаб буюк арбоблар, алломалар, шоирлар, адиблар, улуғ шахслар етишиб чиққан. Шу боис дунё қадимшунослари темурийлар даврини “Шарқнинг иккинчи Ренессанси — Уйғониш даври” деб эътироф этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу сулоланинг етук вакилларидан бири ҳисобланади.
Бобурнинг ҳукмдорлик фаолияти нотинчлик билан кечган бўлса-да, у ўзи бошқарган мамлакат ҳудудларида аждодлари сингари бунёдкорлик ишларини амалга оширган. У йирик давлат арбоби, саркарда бўлиш билан бирга Шарқ маданияти, адабиёти, тилшунослигида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Унинг адабий, илмий меросидан ғазаллари, рубоийларини ўз ичига олган тўлиқ бўлмаган девони, ўғли Ҳумоюнга бағишланган, ислом дини асослари хусусида ёзилган “Мубаййин” асари, Хожа Аҳрорнинг “Волидия” асарининг назмий таржимаси, арабий янги алифбога бағишланган “Хатти Бобурий” рисоласи, “Ҳарб иши”, “Бобурнома” асарлари бизгача етиб келган. Шунингдек, унинг аруз вазни қоидаларига бағишланган “Муфассал” деб номланган асар ёзгани, турли мавзуларда рисолалар яратгани ҳақида маълумотлар бор. Бу асарлари билан Бобур Шарқ маданияти, адабиёти, илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.
“Бобурнома” Бобурнинг ҳаёти ва ижодида муҳим ўрин тутган, уни дунёга танитган машҳур асарларидан биридир. Унда Бобур кўрган-кечирганларини ёзади, воқеаларни холисона ёритади, тарихий шахслар тасвирида бу яққол кўзга ташланади. Натижада ўша давр кишилар тақдири, теварак-борлиқ табиати, набототи, ҳайвоноти, ҳақида тўкис тасаввур уйғотади. “Бобурнома”да воқеалар тасвири жараёнида халқ мақоллари, таъбирларига тез-тез мурожаат қилади. Бу орқали ўзбек тилининг бойлигини кўрсатиб, ўзбек тилининг донишманди ва иштиёқманди эканини намоён этади.
Бобур жуда мураккаб, қарама-қаршиликларга тўла умр йўлларини босиб ўтди. У жисман Ватандан узоқда бўлса-да, қалбан унга қаттиқ боғланган эди. Бир умр Ватанга талпиниб, унинг соғинчи билан яшади.
Бобур адабий меросида она юртига эҳтиром ва соғинчини, ижтимоий ҳаётнинг турли муаммоларини ёритади, дўстлик ва садоқатни, яхшилик ва оқибатни кенг улуғлайди. Ҳаётдан завқланиш, ёр васли, юрт севгиси, жасоратни тараннум этади, панд-насиҳат қилади, илм-маърифатли бўлишга ва одоб-ахлоққа чақиради. Хусусан,
Ким ёр анга илм толиби илм керак,
Ўргангани илм толиби илм керак.
Мен толиби илму толиби илме йўқ,
Мен бормен илм толиби, илм керак.
дея Бобур илм ўрганиш, билим олишни инсон ҳаётидаги энг муҳим мақсад бўлиши лозимлигини таъкидлайди.
Мухтасар қилиб айтганда, Бобурнинг бу каби юксак маънавий-маърифий аҳамиятга эга мисралари баркамол авлодни тарбиялашда, инсон руҳий камолотини юксалтиришда муҳим манба сифатида хизмат қилади.
Филиал Матбуот хизмати